Наманган шаҳридаги «Шодиёна» тантаналар мажмуасида 8-март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанали кечада шаҳар ҳокими Анваржон Отаходжаев, сектор раҳбарлари ҳамда фаол хотин-қизлар иштирок этдилар.
Таъкидлаш жоиз, аёлни эъзозлаш, эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Нафосат тимсоли бўлмиш азиз аёлларнинг соғлом зурриёт, баркамол авлодни тарбиялаб, вояга еткизишдаги ўрни ва хизматини ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди. Шу боис ҳам аёлларимизга, мамлакатимиз хотин-қизларига юксак ҳурмат, доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинаётгани давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Байрам тадбирида шаҳар ҳокими сўз олиб, аёлларни ушбу қутлуғ айём билан қутлади. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича шаҳримизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди ва бу ютуқларга эришишда фидойилик кўрсатган аёлларни эътироф этди.
Байрам табриги куй-қўшиқларга уланиб, лобар ва гўзал аёлларга ўзгача шодлик улашди.