wrapper

Аҳолини рўйхатга олиш


Жаҳон тажрибасида мамлакат аҳолисининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, касби, бандлиги, даромад манбаи ва бошқа жиҳатлар бўйича батафсил маълумот тўплашнинг энг самарали усули аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ҳисобланади. Шу боис, 2023 йилда мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг 2015 йилдаги резолюциясига асосан аъзо давлатларга ҳар ўн йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олиш амалиётини ўтказишни тавсия этади. Хўш, бу бизга нима беради? Биринчи навбатда, республика аҳолиси ва унинг турмуш шароити тўғрисидаги ишончли маълумотлар айнан аҳолини рўйхатга олиш орқали шакллантирилади. Масалан, Фарғонада неча киши ишсиз? Андижонда нечта оила уй-жойга муҳтож? Сирдарёда яна нечта таълим муассасаси қуриш лозим? Қашқадарёда аҳоли хонадонлари асосан қайси йилларда қурилган? Тошкент шаҳрида аслида қанча киши истиқомат қилади ва ҳоказо. Аҳолини рўйхатга олиш амалиёти шу каби кўплаб саволларга жавоб, муаммоларга ечим топиш имконини яратади.
Кўпчилик инсонлар аҳолини рўйхатга олиш амалиётини статистик маълумотлар тўплаш тадбирларининг бир кўриниши, деб тушунади. Аммо бу шунчаки статистика эмас, балки мамлакат аҳолисининг маълум бир вақтдаги фотосуратини кўриш имкониятини берадиган йирик миқёсдаги тадбир ҳисобланади. Мазкур давлат даражасидаги кенг кўламли, кўп вақт ва маблағ талаб этадиган тадбирни ўтказиш учун халқаро талабларга мувофиқ 2-3 йил давомида тайёргарлик ишларини олиб бориш талаб этилади. Ушбу амалиёт мустақиллик йилларида республикамизда илк бор ўтказилаётганини инобатга олиб, уни ташкил этишга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2020 йил
11 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида
2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1—25 ноябрь кунлари амалга оширилади.
Синов ҳудудлари танлаб олинган
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича Президент фармони билан тасдиқланган, таркиби бир қатор вазирлик ва идоралардан иборат Республика комиссияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар иш олиб боради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жараёнга 150 мингдан ортиқ ходимлар жалб қилиниши режалаштирилган.
Аҳолини рўйхатга олиш ишлари учта босқичдан иборат бўлиб, белгиланган амалиётга киришулгунга қадар 2020—2023 йилларни ўз ичига олувчи тайёргарлик жараёнлари олиб борилади. Қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2021 йилда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш Дастурига кўра, 2021 йилнинг 1—25 ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманларида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилади. Бунда аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш жараёнлари, рўйхатга олиш усуллари, дастури, саволномалари, услубий қўлланма ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари амалий синовдан ўтказилади. Натижалар асосида аниқланадиган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилади.