wrapper

 

60-Халқаро Гуллар байрамига 33 кун қолди

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов ушбу тантанали сана муносабати билан ишчи гуруҳ иштирокида байрамнинг асосий тантаналари ўтказиладиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида бўлди.

Унда байрамнинг очилиш маросими бўлиб ўтадиган Тинчлик хиёбони, гул савдоси ташкил этиладиган Адиблар хиёбони, кўнгилочар дастурлар учун Уч фаввора майдони ва бошқа боғларни тайёрлаш, Бобур боғини эса тегишли рамзлар билан жиҳозлаш, фонтанлар ва ёритгичларга алоҳида эътибор қаратиш масаласи мухокама қилинди.

- Бу йилги юбилей байрамда иштирок этмаган наманганлик, гул экилмаган жой қолмайди. Барча шаҳар ва туманлар, соҳалар бўйича ташкилот ва муассасалар ўз ҳудудларина тайёрлашда алоҳида ёндашув билан ландшафт дизайннинг замонавий кўринишларини ишлаб чиқадилар, - деди вилоят ҳокими. Тадбир иштирокчилари гулли конструкциялар, нафосат олами элементларини тайёрлашга киришганлар.

Нафақат мамлакатимиз, балки дунёда ўхшаши бўлмаган гуллар автопаради эса байрамга ўзгача шукуҳ бағишлаши билан Наманганнинг азалий анъанасига айланиб улгурган гулчиликни яна бир бор намойиш этади. Боғнинг тунги дизайни ҳам янгитдан кўриб чиқилади.

Ушбу байрамда мамлакатимиз ва қўшни мамлакатлардан гулчилар қатнашиши билан биргаликда, хорижий давлатлардан кўплаб сайёҳлар таклиф этилган. Тадбирларни кўтаринки руҳ, юқори кайфиятда ўтказиш Наманган аҳлининг энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб тўёнаси бўлади.