wrapper

Ҳар бир мамлакатнинг миллий ўзлиги ва маънавий белгиси сифатида ўз она тилисига бўлган эътибор, унинг илмий, ижтимоий ва иқтисодий, қолаверса сиёсий масалалардаги ўрнини мустаҳкамлаш, уни аждодлардан қолган маънавий мерос сифатида ардоқлаш ўша мамлакатнинг фуқароларига, миллатнинг келажагига дахлдор бўлган барчага бирдек масъулият юклайди.

Туркий тилларнинг оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир.
Ўзбек тилининг “Давлат тили” сифатида тан олиниши ва ўзбек миллатининг маънавий мероси сифатида асрлар оша яшаб келаётгани, уни асраб-авайлаш ва авлодларга етказиш йўлида кўплаб аждодларимиз, маърифатпарвар ижодкорларимизнинг олиб борган курашлари айниқса тахсинга лойиқдир. Замонлар оша бизгача етиб келган ва аждодларнинг буюк меъроси- ўзбек тилини асраш, авайлаш ҳар бир кишининг вазифасидир.
Бугун ўзбек тили масаласига Давлат даражасида эътибор кўрсатилмоқда ва қатор хуқуқий хужжатлар қабул қилинмоқда, шунингдек жойлардаги давлат бошқаруви органларида давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий этилди. Худудлардаги лавҳалар, рекламалар тили қатъий назоратга олинмоқда, шунингдек аҳоли пунктлари, маҳалла ва кўча номлари қайта кўриб чиқилиб Давлат тили Қонуни талабларига жавоб бермайдиган географик объект номларини қайта кўриб чиқиш ва номлаш вазифалари бажарилмоқда.
Мамлакатимизда Ўзбек тилининг Давлат тили мавқеини ошириш мақсадида олиб борилаётган жараёнларга бугун барчамиз бир миллат бўлиб ўз хиссамизни қўшмоғимиз ва давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.

Улуғбек Шерматов
Наманган вилояти ҳокими маслаҳатчиси