wrapper

Назаримда, нафақат касалхоналарда қолаётган шифокор ва ҳамширалар, балки санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ходимларини ҳам бугунги кун қаҳрамонлари деб аташ мумкин.

 

Улар ҳам суткалаб тиним билмай ишлаяпти. Кўчаларни дезинфекция қилиш дейсизми, лабораториялардаги фаолиятларини айтасизми. Тасавур қилинг, биргина Наманганнинг ўзида кунига ўртача 350-400 кишидан коронавирусга таҳлил намуналари олинаётган экан. Бунинг учун ҳар куни бир неча махсус бригадалар карантин ҳудудларига жўнайди.

 

Афсуски, яқиндагина, бундан 3-4 ой аввал уларнинг  штатлари тенг ярмидан кўпроққа қисқариб кетган. Ҳозиргидек таҳликали вазиятда бундай нотўғри қарорларнинг салбий таъсири  билиняпти. 

Бу ерда жонини жабборга ва хатарга қўйиб ишлаётган врач-эпидемиолог, эпидемиолог ёрдамчилари, лаборантлар, дезинфекторларнинг маоши билан қизиқдим. 1—1,5 миллион сўмнинг нари-берисида экан. Кўплари ярим штатда ишлаётгани учун қўлларига тегадиган суммани хомчўт қилиш мумкин.

 

Улар шундай вазиятда ҳам камтарликни жойига қўяди, қийинчиликларини билдирмайди. Кишини руҳлантирадиган кайфият билан “Биз сиз учун ишлаяпмиз, сиз биз учун уйда қолинг!” деган шиорни баралла айтади.

 

Борингизга шукр, СЭОМ ходимлари! Телебошловчи йигитимиз таъбири билан айтганда, “Қадрингиз ва қаддингиз баланд бўлсин!”