wrapper

Наманганлик тадбиркорлар карантин шароитида қийналаётган оилалар учун жамғарма тузди. Унга 3 кунда 200 млн сўм пул ва 300 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари йиғилди  

 

Наманган шаҳрида ишбилармонлар карантин шароитида қийналаётган оилаларга ёрдам бериш мақсадида “Тадбиркорлар саховат жамғармаси”ни тузди. 

 

“Диёр” мажмуаси раҳбари Абдувоҳид Азимовнинг айтишича, “Тадбиркорлар саховат жамғармаси” бир гуруҳ наманганлик ишбилармонларнинг Telegram тармоғидаги ташаббуси туфайли юзага келди. Ҳозирги кунда унга  аъзо бўлганлар сони 2 мингдан ошиб кетди.

 

— Кимдир очилган ҳисоб рақамига маблағ туширяпти, кимдир банк пластик картасидан пул ўтказди, яна  кимдир озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келди. Волонтёрлар ва транспорт воситаларини ажратганлар ҳам бўлди. Шу ташаббус бошлангандан бери ўтган 3 кун давомида 200 миллион сўмдан ошиқ пул ва 300 миллион сўмликдан кўпроқ озиқ-овқат маҳсулотлари йиғилди, — дейди Абдувоҳид Азимов.

 

Ун, ёғ, гурунч, шакар, тухум, картошка ва сабзи-пиёздан иборат тўпламлар бир оила ҳафта давомида ташқарига чиқишига ҳожат қолдирмаслик учун мўлжалланган. Улар битта манзилда жамланиб, шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим этилган рўйхат асосида эҳтиёжманд оилаларга етказилади.

 

Шаҳардаги 200 дан ортиқ хонадон учун мўлжалланган илк автокарвон “Биз бепарво эмасмиз. Биз меҳр улашамиз!” шиори остида маҳаллаларга йўл олди.

 

Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.