wrapper

Расмий баёнот: Наманган вилоятида яна 6 та коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланди. Вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 12 тага етди.

Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 29 тага ошиб, 133 нафарни ташкил этмоқда.

Бугун аниқланган 29 та янги ҳолатдан 6 таси Наманган вилоятида қайд этилгани маълум қилинади.

12 мартда Туркия орқали умра зиёратига бориб келгандан сўнг уй карантинида назоратда бўлган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1969 йилда туғилган аёл коронавирус инфекциясига чалинганликда гумон қилиниб, 24 март куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига карантин кузатувига ётқизилди ва 26 март куни унда коронавирус инфекцияси аниқланди. Шу билан бирга инфекция бу аёлдан унинг онаси, синглиси, қизи ва набирасига ҳам юққани ҳамда унинг 72 ёшли онаси сурункали касалликлари оқибатида 26 март куни вафот этганлиги ҳақида хабар берилганди.

Бугун 29 март куни тонгда ушбу аёлнинг карантин кузатувида бўлган яна 5 нафар қариндошида ҳамда онасига тиббий хизмат кўрсатиб келган патронаж ҳамширасида, жами 6 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланди. Умра зиёратига борган аёлнинг синглиси, синглисининг келини, акаси, акасининг турмуш ўртоғи, жияни ҳамда тиббий ҳамширанинг коронавирус инфекцияси таҳлили мусбат натижа берди.

Ҳозирги кунда ушбу фуқаролар билан оилавий ва яқин мулоқотда бўлганларнинг барчаси вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ва иккиламчи мулоқотда бўлганларнинг барчаси махсус жиҳозланган изоляторларга жойлаштирилди. Ҳозирда уларнинг соғлиги малакали мутахассислар томонидан назорат қилиб борилмоқда.

Бугунги кунга Наманган вилоятида қайд этилган жами коронавирусга чалиниш ҳолати 12 тани ташкил этмоқда.

Ҳурматли вилоятимиз фуқаролари! Вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази номидан сиздан уйдан чиқмасликни, коронавирус профилактикаси талабларига қатъий амал қилишингизни сўраймиз!

Ҳаётингизни, оилангизни, фарзандларингизни, ота-онангизни, халқимиз келажагини хатарга қўйманг!

Давлатали Қосимов,
Вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ўринбосари