wrapper

Наманган шаҳри ҳокими Олимжон Исаев 22 март куни шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус штаб йиғилишини ўтказди.

Йиғилишда шаҳар ИИБ, Миллий гвардия, ФВБ, солиқ, тиббиёт бирлашмаси ва санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбарларининг ҳозирги вазиятда олиб бораётган ишлари юзасидан ҳисоботи тингланди. Бу борада шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси мутасаддиларининг саъй-ҳаракатлари қониқарли эмас деб топилди.

Жорий йил 20 март куни шаҳар ҳокимининг “Наманган шаҳрига коронавирус (COVID-19)нинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш профилактикасини ўтказишни ташкил этиш, келгусида аниқланадиган ҳолатлар юзасидан кескин чоралар қўриш ҳамда бартараф этиш тўғрисида” қарори қабул қилингани ва барча амалга оширилаётган ишлар ушбу қарор талабларидан келиб чиқиши зарурлиги билдирилди.

Шунингдек, шаҳар ҳудудини етарличи тепловизорлар, кимёвий моддалар ва ҳимоя кийимлари билан таъминлаш, нарх-наво асоссиз ошишига йўл қўймаслик, аҳоли ўртасида ниқоб тақиш, заруратсиз кўчага чиқмаслик, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Кўриб чиқилган масалалар бўйича зарур топшириқлар берилди.