wrapper

Наманган шаҳри ҳокими Олимжон Исаев жорий йил 20 март куни “Наманган шаҳрига коронавирус (COVID-19)нинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш профилактикасини ўтказишни ташкил этиш, келгусида аниқланадиган ҳолатлар юзасидан кескин чоралар қўриш ҳамда бартараф этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Ушбу қарорга мувофиқ, шаҳар худудидаги барча бозорлар, савдо комплекслари ва савдо дўконларига фуқароларнинг ниқобсиз (маскасиз) кириши тақиқланади ва харид учун келадиган фуқароларни руйхатга олиш тартиби белгиланади.

Шаҳар ҳудудидаги ташкилот, корхона ва муассасалар, бозорлар, аҳоли гавжум жойларида, маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш транспортида бир кунда икки маротаба дезинфекция ишлари амалга оширилади.

Барча фуқаролар, ташкилот, корхона ва муассасаларнинг ишчи- ходимларига бир марталик ниқоб (маска) тақиш мажбурийлиги тушунтирилади.

Қарорда белгиланган талаблар бажарилмаган тақдирда савдо комплекслари ва дўконларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилади.

Шаҳар ҳудудига коронавируснинг кириб келишини назорат қилиш ва уни олдини олиш бўйича таъсирчан чораларини кўриш мақсадида шаҳар ҳудудида харакатланаётган барча автотранспортни дизинфекциялаш ишларини олиб бориш бўйича зарурий чора-тадбирлар белгиланади.


Шаҳар ҳудудига олиб кирувчи барча йўлларда блокпост ташкил этилади, улардан ўтаётган автотранспортни дезинфекция қилиш, ҳайдовчи ва йўловчилар ҳароратини текшириш ишлари амалга оширилади.

Шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар тиббиёт бирлашмаси, барча ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари, МФЙ раисларига аҳоли ўртасида қўни-қушни ва қариндошлар билан мулоқотни чеклаш, зарурат бўлмаганда бозорлар, супермаркетлар, одамлар гавжум тўпланадиган жойларга бормаслик, кўчага чиқмаслик, тана ҳарорати кўтарилса, шамоллаш белгилари пайдо бўлса, ҳудудий поликлиника шифокорини чақириш тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш ва бу ҳақда эслатмалар жойлаштириш вазифаси юклатилди.

Ушбу қарор бажарилишини назорат қилишни шаҳар ҳокими ўз зиммасида қолдирган.