wrapper

Наманган шаҳар ҳокими тадбиркорликка қизиққан ва бу соҳада фаолият юритиб келаётган ёшлар билан учрашди

Бугун Наманган шаҳар ҳокими Олимжон Исаев Нодирабегим номли ахборот-кутубхона марказида тадбиркорликка қизиққан ва бу соҳада фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ ёшлар билан учрашди.

Ёшлар билан мулоқот қизғин ва баҳсларга бой кечди. Қатнашчилар тадбиркорлик соҳасида ўзларини қийнаб келаётган муаммоларга ечим излади, янги ғоя ва таклифлар билан ҳокимга мурожаат қилди.

Жумладан, Наманганда ҳозирга қадар уч ойлик курслардан ташқари бухгалтерия соҳаси бўйича чуқурлаштирилган таълим тизими йўлга қўйилмаганлиги, шу туфайли ушбу соҳада мутахассислар етарли эмаслиги айтиб ўтилди. Ҳоким Наманганда АBCО тизимида бухгалтерия мактаби очилишини қўллаб-қувватлаши, бунга қизиққан ёшларни МСКО сертификатини олиши учун Тошкентга курсларга жўнатишга тайёрлигини маълум қилди.

Шунингдек, олий ўқув юртлари юқори курс талабалари ва коллеж ўқувчиларидан ишга қабул қилиниш бўйича уч томонлама шартномалар талаб қилинаётганлиги, битирувчилар олий ўқув юртига имтиҳонларга тайёрланиши учун мактабда қўшимча курслар ташкил этилмагани билдирилди.

Шаҳардаги 12-умумтаълим мактаби ўқувчилари Сардоба бозоридаги бекат бузиб ташлангани, ҳозирда унинг ўрнида қўлбола қурилган тамаддихона қад ростлагани, бу ерда тайёрланаётган таомлар сантария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги мумкинлигидан ташвиш билдирди.

Мулоқот якунида юқоридаги мурожаатларнинг ҳар бири ўрганиб чиқилиши ва тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди. Шаҳар ҳокими ёшлар билан умумий фотога тушди.

Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.