wrapper

Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззақовнинг ёшлар ва ёшлар етакчилари билан учрашуви бўлиб ўтди

 

Учрашувда Президентнинг 27 декабрь куни Тошкентда, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг 6 январь куни Норинда ёшлар билан ўтказган учрашувларида берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда 2020 йилда Наманган шаҳрида ёшлар масаласида қилинадиган ишлар юзасидан сўз борди.

 Шаҳар ҳокими бу борада вилоят марказида амалга ошириладиган ишларга тўхталар экан, уларни бажаришда биринчи галда ёшлар, уларнинг вакилларига таянишини билдирди. Шу билан бирга, ёшларни ўз келажакларини қуриш борасида шижоатлироқ, қатъийроқ бўлишга чақирди.

 

 

Шавкатжон Абдураззақов шаҳар секторлари раҳбарлари ўқув жараёни бошлангандан сўнг ҳар бир мактабнинг юқори синф ўқувчилари билан учрашиши режалаштирилганини билдирди. Норасмий тарзда ўтадиган бу учрашувларда уларнинг муаммолари тингланиб, ечимини топиш йўллари изланади.

IELTS имтиҳонларини топширишга талабгорлар кўплигини инобатга олиб, уларнинг орасида иқтидорли, бироқ камхарж оила вакилларининг бунинг учун кетадиган маблағларини қоплаб бериш учун 10 та квота ажратилиши маълум қилинди.

 

 

 

Шундан сўнг навбат савол-жавобларга берилди. Шаҳарлик ёшлар ўз чиқишларида кутубхоналар узлуксиз ишлашини таъминлаш, мактаб радиоузелларининг доимий фаолиятини йўлга қўйиш, санъат фестивалларини ўтказиш, кўзи ожизлар учун аудиокитоблар кўпроқ келтирилишига эришиш, ёшларнинг корхоналарга бориши шунчаки экскурсия тариқасида эмас, балки қизиқишлари бўйича бириктирилиши тарзида бўлишига оид ва бошқа савол ҳамда таклифларини билдирди.

 Мазкур таклифларнинг барчаси мутасаддилар томонидан ижро учун назоратга олинди.

 

Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати