wrapper

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, 2020 йилда халқ депутатлари кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан, маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимовчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлар кенгайтирилди.

 

Мазкур масала юзасидан шаҳар ҳокимлигининг молия бўлими мудири Мақсудбек Ҳожиматовнинг маърузаси тингланди. У ўз чиқиши давомида маҳаллий бюджетнинг жорий йилдаги ижроси ва келгуси йилдаги параметрлари ҳақида ҳисобот берди. Депутатлар бу борадаги саволлари ва таклифларини ўртага ташлади. 

Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадларини 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорларда жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш кўзда тутилаётгани маълум қилинди.

Кун тартибидаги иккинчи масала — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларнинг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4102-сон қарори ижроси юзасидан Наманган шаҳри ҳокими Шавкатжон Абдураззақов сўз олди.

Шаҳар ҳокими қилинган ишлар таҳлилига тўхталар экан, ҳудуддаги ҳар бир секторда кичик саноат зоналари ташкил этилганига алоҳида тўхталди. Биргина “Юксалиш” кичик саноат зонасида 80 гектар жойда 85 та корхона иш бошлагани, бу корхоналарда бугунги кунда минглаб янги иш ўринлари яратилганини қайд этиб ўтди.

Маҳаллий бюджет ихтиёрида қолаётган маблағлар ҳисобидан эътиборталаб таълим, тиббиёт ва мактабгача таълим даргоҳларига ёрдам бериш, йўлларни асфальтлаш, ичимлик суви тармоқларини тортишга харажат қилиш имконияти туғилганини билдирди.

Келгусида бундай ишлар пухта режа асосида амалга оширилиши ва ва маҳаллий инвестиция дастури ишлаб чиқилиши таъкидланди.

Манфаатдор бошқарма, идора ва ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда секторлар штаби томонидан аҳоли хонадонларини ўрганиш давомида аниқланган муаммолар юзасидан 2020 йил учун “йўл харита”ларини ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб олинди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала — Қодиржон Мамарасулов кўчасидаги яшаш шароити оғир бўлган оилага уй-жой ажратиш масаласи ҳам депутатлар иштирокида кўриб чиқилди ва ушбу оилага шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан ёрдам бериш режалаштирилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.