wrapper

Наманган шаҳри, Самарқанд кўчасидаги бузилаётган уйлар билан боғлиқ вазият юзасидан шаҳар ҳокимлигининг видеобаёноти
YouTube’даги “Москва овози” (!) каналида блогер Исломбек Муратов томонидан “Наманган ҳокими, халқни рози қилинг” дея сарлавҳа қўйилган видеолавҳа жойлаштирилди. Лавҳада Наманган шаҳри, Самарқанд кўчасида уй-жойлар бузилгани, бироқ аҳоли рози бўладиган даражада компенсация тўловлари амалга оширилмагани билдирилган. Мазкур лавҳа юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.


Блогер томонидан мазкур ҳудуддаги ҳолат Ироқ, Сурия ёки Афғонистонга ўхшатилади. Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби Наманганда ҳам амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари бундай совуқ таққосга лойиқ бўлмаса керак. Зеро, эски, замон талабларига жавоб бермайдиган манзилларни обод ҳудудга айлантириш билан боғлиқ истак ва режалар бунга асло лойиқ эмас.
Қолаверса, блогерлар негадир ҳокимлик ёки тадбиркордан норози фуқаролардан интервью олган, бироқ муроса йўлини танлаган ва аллақачон янги хонадонларида истиқомат қилаётган аҳолидан фикр олишга шошилмаган. Ваҳоланки, ушбу ҳудуддаги уйларнинг аксарият қисми кичик, тор ва яшаш шароитлари ноқулай хонадонлардан иборат бўлган.
Энг қизиқ томони, блогерларни ёрдамга чорлаётган айрим фуқаролар аслида бу ҳовли-жойларнинг эгаси ҳам эмас. Улар бу ерда қурилиш ишларини амалга оширмоқчи бўлган тадбиркордан баҳолаш ташкилотлари белгилаб берганидан икки-уч баравар ортиқ суммани талаб қилмоқда.
Наманган шаҳар ҳокимлиги мазкур ҳолатда холисликни таъминлаш мақсадида “Орзу ва ҳаёт” ижтимоий лойиҳаси раҳбари Илҳомжон Қосимовдан вазиятни реал ўрганишни сўради. Унга шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Луқмонжон Тожибоев, “Шарқ тонги” МФЙ раиси Исмоил Раҳимов, ҳудудда қурилиш олиб бораётган тадбиркор Каримжон Ғиёсов ҳамроҳлик қилди. Ўрганиш натижаларини қуйидаги видеолавҳада (https://www.youtube.com/watch?v=Ol2CpPGFoc0&feature=youtu.be) кўриш ва вазиятга адолат билан баҳо бериш мумкин.
Наманган шаҳар ҳокимлиги уйлар бузилиши борасида тегишли меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши қатъий назоратга олинганлигини маълум қилади. Шунингдек, журналист ва блогерларни бундай можароли мавзуларда холисликни таъминлаш, иккинчи томонни ҳам тинглаш ва далилларини ўрганишга чақиради.
Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.