wrapper

Ҳурматли тадбиркорлар!

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини оширишда муҳим ўринга эга бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда уларнинг тизимли муаммоларини ҳал этиш мақсадида, охирги 3 йил мобайнида 50 дан ортиқ қарор ва фармонлар қабул қилинди.

 

Кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳар бир мамлакат иқтисодиёти ўсишини таъминловчи асос бўлиб қолмоқда. Унинг кутилган даражада ривожланиши мамлакат олдида турган бир қатор муаммоларнинг бартараф этилишига имкон яратмоқда. 

“Фаол тадбиркор” деганда, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган фидойи инсонлар қатлами тушунилади.

Шаҳримизда ҳам соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ёш, иқтидорли ва тажрибали ишбилармон тадбиркорларимиз барча соҳаларда жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариб, уларни “Ўзбекистон бренди” остида дунё бозорларига экспорт қилмоқдалар.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар жамиятимизнинг етакчи кучига айланиб бормоқда.

Муҳтарам Президентимиз сизларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз, самарали фаолият юритишингиз учун барча шароит ва имкониятларни яратиб қўйдилар. Аввало, жойларда Бош вазир қабулхоналарининг ташкил этилгани, ушбу имконият натижасида Сиз, тадбиркорларнинг ҳар бир муаммойингиз ижобий ечим топаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб қувватлаш мақсадида Наманган шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига жорий йилнинг 5 ойида жами 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 90 фоизи Республика, вилоят ҳамда шаҳар даражасидаги муаммолари белгиланган тартибда ҳал қилиб берилди. Муаммоларнинг асосий қисмини ер, кадастр, архитектура, банк ва кредит масалалари ҳисобига тўғри келган. Бу эса ушбу соҳаларда ҳали талайгина муаммоларимиз борлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, шаҳардаги 4 та сектор раҳбарлари томонидан ҳудудлардаги тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиш графиги тасдиқланган бўлиб, тасдиқланган график бўйича сектор ҳудудларида жами 67 та учрашув ўтказилган. Учрашувларда қатнашган қарийб 2 минг нафар тадбиркордан тушган мурожаатлардан 50 таси жойида ҳал этилди, 49 таси ягона порталга ижросини таъминлаш бўйича киритилди ҳамда белгиланган тартиб ва муддатларда барча муаммолар ҳал этилди.

 Кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар доирасида кўзда тутилган лойиҳаларга тижорат банклари томонидан 2019 йил 10 ойлиги давомида 2,4 трлн.сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 мартага ортди. Шундан ажратилган имтиёзли кредитлар миқдори 100 млрд.сўмни ташкил этди. 

Шаҳарга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга ҳам катта эътибор қаратиб келинмоқда. 

Президентимиз томонидан хорижий инвесторлар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имтиёзлар республикамизда инвестиция соҳасида ўзига хос қулай муҳит ҳосил қилди. 

2019—2021 йиллар давомида шаҳримиз бўйича жами 218 та лойиҳада 276,2 млн.доллар миқдорида хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилади. 

Мисол учун, Ҳиндистоннинг “Indian Institute of medical sciences” МЧЖ ХК замонавий кардиология клиникасини ташкил этиш лойиҳасинини 15,0 млн.долларлик, “E.I Company LLC” МЧЖ ХК замонавий кўп қаватли тураржой комплекси барпо этиш ташкил этиш учун 15,0 млн.долларлик, “Ultimate Investment LLC” томонидан “Namangan Hospitality” МЧЖ ташкил этилиб, 5 ва 4 юлдузли меҳмонхоналар комплексини барпо этиш ташкил лойиҳаси учун 20,0 млн.долларлик, “Ultimate Investment LLC” томонидан “Namangan Premium Investment” МЧЖ ташкил этилиб, замонавий бизнес маркази (5 ва 4 юлдузли меҳмонхоналар, Бизнес маркази, Савдо комплекслари, турар-жой массиви) барпо этиш ташкил лойиҳаси учун 50,0 млн.долларлик, Ҳитой давлатининг “Namangan QIANXING INVESTMENT” МЧЖ нинг замонавий бизнес маркази (меҳмонхоналар, Шоппинг Мол, Савдо комплекслари, турар-жой массиви) барпо этиш ташкил лойиҳаси учун 20,0 млн.долларлик, Англиянинг “АBN MB” МЧЖ ҚК томонидан кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 1,1 млн.долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар киритилади.

Бундан ташқари, Ҳитойнинг “Namangan Qianxing Investment” ҲК МЧЖ томонидан Наманган шаҳрида қурилиши режалаштирилаётган “Namangancity” (78 гектарда умумий қиймати 500 млн.АҚШ доллари), “Smartcity” (50 гектарда умумий қиймати 500 млн. АҚШ доллари), “Марғилон кўча”(65 гектарда умумий қиймати 400 млн. АҚШ доллари) ҳамда “Инновацион ғишт ишлаб чиқариш” (5 гектарда 1,0 млн. АҚШ доллари) лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 2019 йил 29 октябрь куни икки томонлама келишув ҳамда англашув меморандуми имзоланди 

2019 йил 9 ойи давомида саноат корхоналари томонидан 

2 трлн.656 млрд.сўмлик (110,7%) саноат маҳсулотлари ҳамда 

1 трлн. 966 млрд.сўмлик (114,1%) халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарилди.  

Ўз навбатида аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4302 минг сўмни, халқ истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3185 минг сўмни ташкил этмоқда.

Ўз брендига эга корхоналардан “Нестле Ўзбекистон” ва “Кока-Кола” компаниялари билан биргаликда “Люкс плюс сервис” “Наманган момиқ сочиқлари”, “МРТ Текстил”, “Истиқлол дизайн” каби корхоналарда юқори ўсиш кузатилиб, вилоят саноати ҳажмига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Бўш турган объектлар бўйича шаҳар инвестиция ва ташқи савдо бўлими, шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати давлат корхонаси ходимлари билан биргаликда шаҳар ҳудудида бўш турган бинолар бўйича хатлов ўтказилди. Хатлов натижасида аниқланган объектларни тегишли ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган фуқароларга фойдаланиш учун таклифлар киритилди.

Шу билан бирга, ер участкаларини ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, кредит ва бошқа молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини таъминлашда бюрократик тўсиқлар ва сансолорликлар учрамоқда.

Кўрсатиб ўтилган камчиликларни комплекс ва тезкор ҳал этишни, барча даражадаги давлат органларининг ягона услубий раҳбарлик остида ўзаро мувофиқлаштирилган ҳамкорлик қилишини, хусусий мулкнинг ишлаши, ер участкаларини реализация қилиш, тендер савдоларини ўтказиш ҳамда давлатга тегишли бўлмаган бино ва иншоотларни бузишга оид аниқ ва лўнда ҳуқуқий нормаларни яратишни, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашни, аҳолининг кенг қатламларини бизнес билан шуғулланишга фаол жалб этишни талаб этади.

Шу мақсадда қабул қилинган Президентимиз Қарор ва Фармойишлари билан тадбиркорларга бир қатор енгилликлар берилди.

Ўзбекистон Республикасининг Президентининг Фармони билан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини, бино ва иншоотлардан, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизга, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкасини 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш, барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этилди, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг обороти (тушуми)дан ундириладиган мажбурий ажратмаларни бекор қилинди, Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг тижорат банкларидаги ҳисоб варақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришнинг амалдаги тартиби бекор қилинди, 2019 йил 1 октябрдан ҚҚС ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилди.

Шунингдек, кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб, Республика банкларининг ваколатларини шаҳар, туманлардаги банкларга бериш орқали, ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликка барҳам берилади.

Жорий йилда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитларнинг 72,4 фоизи кичик бизнес субъектларига хиссасига тўғри келади.

Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга ошириш белгиланди.

Шаҳардаги бўш турган ер участкаларининг электрон савдоси Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисида” 2018 йил 30 июндаги 493-сонли қарори асосида “Е-ижро аукцион” ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилмоқда.

Шаҳарда жами 100 та 18,35 гектар бўш турган ер участкалари аниқланиб, бугунга қадар уларнинг 23 таси яъни 6,8 гектар майдон савдога чиқарилган, шундан 8 таси 1,68 гектари сотилган. Бугунги кунда тадбиркорлик субъектини ташкил қилиш истаги бор тадбиркорлик субъектларимизга 5 гектардан зиёд бўш турган ер майдонлари мавжуд. Уларни ҳам белгиланган тартибда электрон савдолар орқали тадбиркорларга бериш режалаштирилган.

2020 йил 1 январдан бошлаб экспорт-импорт операциялари учун зарур рухсатнома ва сертификатлар “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали электрон шаклда олинишини йўлга қўйиш топширилади. 

2020 йилда “Бизнес юритиш” рейтингида мамлакатимиз ўрнини янада яхшилаш, жумладан, рухсатнома бериш ва сертификатлаш тизимини соддалаштирилади.

Таъкидлаш жоизки, Муҳтарам Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифлари доирасида ўтказилган йиғилиш баёнга киритилган Наманган шаҳрида 2019-2020 йилларда қиймати 5,6 трлн. сўмлик 218 та саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга оид инвестиция лойиҳаларнинг амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунда амалда 1 трлн. 978 млрд.сўм маблағ ўзлаштирилди ва 554,8 млрд .сўмлик 51 та лойиҳалар ишга туширилди.

Шунингдек, Наманган шаҳрининг 6 та ҳудудидаги 114,3 гектар ер майдонида кичик саноат зоналари ташкил этилиб, 211 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 1 трлн. 283 млрд.сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 15 600 нафардан зиёд янги иш ўринлари яратилади.

Мазкур саноат зоналарида бугунги кунга қадар 323,0 млрд.сўмлик 51 та лойиҳа ишга туширилиб бунинг ҳисобига 4 855 та янги ишчи ўрни яратилди ва йилни охиригача 246,3 млрд.сўмлик 33 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 2 070 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.

2020 йилда ҳам, 2019 йилдан кам бўлмаган ҳолатда саноат, хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга оширилишида Сиз тадбиркорларга кўмакдош бўлиш энг асосий вазифамиздир.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Бундан буён тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар, 4 та сектор раҳбарлари “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” мезони асосида иш фаолиятимизни ташкил этамиз. Бунда ҳар бир идоранинг кун тартибидаги устувор вазифаси – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишдан иборат бўлади.

“Эндиликда тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралар фаолиятига баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, тадбиркорларнинг манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар”.

Ҳар бир амалга ошираётган лойиҳаларингиз шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.

Сизнинг лойиҳангиз шаҳримизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир. Сиз туфайли шаҳарда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзлари билан айтганда, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз.

Сизларнинг олдингизда, амалга ошираётган лойиҳангизда, ишлаб чиқариш амалиётингизда бундан кейин ҳеч қандай тўсиқлар бўлмайди, шаҳардаги барча раҳбарлар Сизларга яқиндан кўмакчи бўлади, ҳар куни доимий равишда тадбиркорлар масалалари билан шуғулланиш бўйича шахсан кафолат бераман.