wrapper

Ижтимоий тармоқларда блогер Шуҳрат Мусаев томонидан “Онахонни қақшатишди. Порахўрлик, ёлғон, Наманганда бўлган воқеа” дея сарлавҳа қўйилган видеолавҳа жойлаштирилди. Лавҳада Наманган шаҳри, Уйчи кўчасида яшовчи Фарида Шерханованинг уй-жойи бузилгани, бироқ тегишли компенсация тўловлари амалга оширилмагани юзасидан мурожаати акс эттирилган. Мазкур лавҳа юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.


Фарида Шерхановага тегишли Уйчи кўчаси, 219-уй 6 сотихдан иборат бўлиб, унда 10 хона мавжуд бўлган. Шаҳар ҳокимининг 2016 йил 25 майдаги 402-сонли қарорига асосан бузилишга тушган бўлиб, ҳар бири тўрт сотихдан иборат жами 1600 м2 ер майдони компенсация сифатида берилган. Эски иморатлари бузилиши натижасида чиққан қурилиш материалларидан фойдаланишига шароит яратилган. Ушбу хонадонни бузиш ва ундан чиққан яроқли қурилиш материалларини янги участкасига ташиб бериш қурувчи—тадбиркор Ҳакимжон Акбаров томонидан амалга оширилган.


Шунингдек, хонадонга тадбиркор томонидан 26,0 млн (йигирма олти миллион) сўм маблағ ва вақтинча ижарада яшаб туриш учун нақд пул ҳисобида беғараз ёрдам кўрсатилган.

Ф.Шерханова ўзига ажратилган 2 та жами 800 квадрат метр ер участкасини 85 миллион сўмга сотиб, маблағини ўз участкасида қурилиш учун ишлатган. Ҳозирда у киши томонидан 2 қават ва 6 та хона, ертўладан иборат хонадон 80 фоизга қуриб битказилган.

Негадир лавҳада бу ҳақда лом-мим дейилмайди.

Ф.Шерхановага тегишли аввалги хонадондаги 4 та яшашга яроқли хона ва деярли 2 сотихдан иборат ер майдони бугунги кунга қадар бўшатиб берилмаган ва бузилмаган. Компенсация пулини тўлаб, бу ерда қурилиш ишларини давом эттириш истагида бўлган тадбиркорга эса қонунчиликда кўзда тутилмаган талаблар қўйилмоқда.
“Наманган баҳолаш ва консалтинг маркази” МЧЖнинг 18.05.2019 йилдаги 97-сонли баҳолаш ҳисоботига кўра, 236.295.606 сўм маблағ Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2006 йилдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги 97-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандига асосан шаҳар ҳокимининг 2019 йил 1 августдаги 989-сонли қарорига асосан манфаатдор шахс — хусусий тадбиркор Х.Акбаров томонидан тўлаб берилиши белгиланган. Тадбиркор томонидан ихтиёрий равишда тўламаган тақдирда Ф.Шерхановага фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилган.
Ф.Шерханова 2019 йил 26 август куни ҳокимликка қўнғироқ қилиб, набирасининг тўйига ишлатиш учун маблағи йўқлигидан нолийди. Шундан сўнг ҳокимлик томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ушбу гуруҳ томонидан Ф.Шерхановага 50,0 (эллик) млн сўм нақд пул уйида келини ва набиралари гувоҳлигида топширилди. Бу ҳақда Ф.Шерханова тилхат ёзиб беради ва ишчи гуруҳ аъзоларини дуо қилиб, набираси тўйига таклиф қилди.
Видеолавҳада бу ҳақда ҳам ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Аксинча, набирасининг тўйини ўтказганидан сўнг Ф.Шерханова яна ҳокимликка, ижтимоий тармоқларга мурожаат қилиб, унга “компенсация тўланмаганлиги, ҳокимликлар уни алдаб, кўчага чиқариб қўйганлигини” даъво қилишда давом этади.


Маълумот учун, Ф.Шерхановага ажратилган компенсация маблағлари, қурилиш материаллари, ижара пуллари миқдори жами 200 (икки юз) млн. сўмни ташкил қилади. Бундан ташқари, унга ажратилиб, ўзида қолдирилган ер участкаси қонун-қоидаларда белгиланганидек 600 кв.метр эмас, балки 800 кв.метрга тенг, яъни 200 кв.метр ортиқча берилган.
Наманган шаҳар ҳокимлиги уйлар бузилиши борасида тегишли меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши қатъий назоратга олинганлигини маълум қилади. Шунингдек, журналист ва блогерларни бундай можароли мавзуларда холисликни таъминлаш, иккинчи томонни ҳам тинглаш ва далилларини ўрганишга чақиради. Тегишли фотолар илова қилинади.