wrapper

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 7 ноябрь куни Германиянинг Hugo Boss компанияси вакилларини қабул қилди.Константин Соер ҳамда Семиҳ Демир вилоят ҳокими билан бўлган учрашувда Наманган шаҳридаги текстиль корхонаси билан ҳамкорликда ушбу бренд маҳсулотларини Наманганда тайёрлаш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

“Hugo Boss компанияси аввал Наманганни, Наманган орқали эса Ўзбекистонни таниди десак муболаға бўлмайди. Бу ердаги корхоналар томонидан тикилган костюмлар сифати бизда катта таассурот қолдирди”, — деди компания вакили Семиҳ Демир.
Хайрулло Бозоров биргина Наманган шаҳрининг ўзидан 1,5 мингдан ортиқ тикувчилик корхоналари фаолият олиб бораётгани, пахтачилик бугунги кунда 85 фоиз кластерларга ўтказилгани, келгуси йилдан бу кўрсаткич 100 фоизга етишинини таъкидлади. Ҳозирги кунга қадар асосий экспорт МДҲ мамлакатлари бозорига йўналтирилганини айтиб ўтган вилоят ҳокими сўнгги йилларда янги бозорлар ҳам кашф этилаётганини, “Чуст текстиль” корхонаси Португалия ва АҚШга, “Ифтихор кийим саноат” эса Германия бозорига кириб борганини маълум қилди.
— Hugo Boss каби машҳур брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишимиз Наманган текстиль саноатини янги босқичга олиб чиқади. Ҳозирда чарм-тери маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида ҳам хорижнинг таниқли брендлари билан алоқалар ўрнатилмоқда, — деди Хайрулло Бозоров.
Компания вакиллари бугунги кунда Намангандаги “Люкс плюс сервис” (Vakkoni бренди) МЧЖ билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани, бироқ бўлажак ишлаб чиқариш учун қўшимча ер майдони масаласида кўмак кераклигини билдирди. Вилоят ҳокими бу масала албатта ечим топишини таъкидлади.
Учрашувда Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззақов, “Люкс плюс сервис” МЧЖ директор маслаҳатчиси Неъматжон Фатҳиддинов иштирок этди.
Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати