wrapper

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 29-октябрь куни Хитойнинг вилоятда фаолият олиб бораётган “Namangan Qianxing Invesment” хорижий корхонаси делегациясини қабул қилди.

 

Қабул чоғида “Namangan Qianxing Invesment” вакиллари Наманган шаҳридаги Кўзагарлик кўчасида барпо этилаётган “Меҳмонхона, шоппинг-мол ҳамда кўп қаватли турар-жой комплекси” лойиҳасини амалга ошираётган лойиҳанинг бориши ҳақида вилоят ҳокимига маълумот берди. 25 декабрь куни қуриб битказилиши кўзда тутилаётган икки қаватли “Сотиш офиси” очилишида лойиҳанинг ялпи тақдимотини ўтказиш режалаштирилаётгани билдирилди.

Учрашув давомида Наманган вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган янги йирик лойиҳалар доирасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. “Namangan Qianxing Invesment” раҳбари Хунг Йуи Жен ҳамкорлари билан бирликда Наманганда Хитой ва Сингапур, Малайзия каби бошқа давлатлар сармоясини жалб этган ҳолда молиявий фонд ташкил этиш истагини  билдирди. Хайрулло Бозоровнинг вилоятда ташкил этилиши кўзда тутилаётган “Наманган инвестбанки”га улушдор сифатида қўшилиш таклифи хитойлик инвесторларда қизиқиш уйғотди.

Мулоқот якунида 78 гектар майдонда барпо этиладиган “Namangan city” халқаро ишбилармонлик маркази, “Юксалиш”массивида 50 гектарлик ҳудудда қад кўтарадиган “Смарт сити” шаҳарчаси, Марғилон кўчасида 65 гектар майдонда қуриладиган замонавий турар-жойлар, меҳмонхона ва савдо маркази мажмуаси лойиҳаларида “Namangan Qianxing Invesment” компаниясини иштирокини кўзда тутган ҳамкорлик келишувлари имзоланди.

Меҳмонлар Наманганда замонавий технологиялар билан ишлайдиган ғишт заводи қуриш режасини ҳам баён қилди. Ушбу заводни қуриш борасида ҳам тегишли битим имзоланди.

Учрашувда вилоят ҳокимининг ўринбосари Окибжон Инамов, Наманган шаҳри ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди.

Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати