wrapper

Наманган вилоят давлат солиқ бошқармасида дунёда, хусусан қўшни давлатларда содир бўлаётган бузғунчилик ҳолатлари, терористик актлар ва уларнинг салбий оқибатлари, бундай бузғунчи ғоялардан юртимизни асраб авайлашга бағишланган ўқув-машғулотининг мавзуси ана шундай номланди. Унда бошқарма шахсий таркиби иштирок этди.

 

Тадбирда сўз олган вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Абдували Тешабаев бугунги кунда турли хил диний эътиқодларни омма онгига сингдириш орқали сиёсий мақсадларга эришиш XX аср охири ва XXI аср бошларидаги даврнинг ўзига хос хусусиятларидан бирига айланганлигини таъкидлади. Шу билан бирга ди­ний эътиқод орқали таъсир ўтказиш жараёнлари одамлар онги, дунёқарашини ўзгартириш ва пировард натижада уларни маънавий манқурт – зомбига айлантириш билан якун топаётганлигини билдирди. Бу борада ёшлар онгини заҳарлаб, уларни зомби қилиш механизми қай тарзда намоён бўлиши, бу жараён қандай кечиши, ёт мафкуравий кучлар ўз мақсадларига эришиш учун қандай шакл ва услублардан фойдаланаётганликларини тадқиқ этиш ҳамда уларга қарши курашиш бугун жамият олдида турган долзарб масалалардан бири саналиши хусусида атрофлича тўхталди.

Вилояти Ички ишлар бошқармаси Терроризм, экстремизмга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили, капитан Абдуваҳоб Аҳмедов бугунги кунда Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатга тўхталиб, ўз йўлидан адашиб турли хил ғоялар таъсирига тушиб қолган республикамиз фуқароларининг қилган хатоларини тўлиқ тушуниб етганликлари, пушаймон бўлганликларини инобатга олиб, давлатимиз уларни авф этаётганлигини билдирди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қидирувда бўлган, чет давлатларда сарсон-саргардон юрган ватанимиз фуқароларини давлатимизга, оиласи бағрига қайтишларига имкониятлар берилганлиги, яъни Президентимизнинг 2017 йил 15 июлдаги Ўзбекистон Республикаси мусулмонлари идораси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда билдирган фикрларидан келиб чиқиб, бугунги кунда кўплаб фуқаролар авф этилиб, оиласи даврасига қайтганлиги аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтди.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Улуғбек Бердиқулов бугунги кунда жаҳон афкор оммаси эътиборини тортган  Афғонистон, Сурия, Ироқ, Покистон каби давлатларда рўй бераётган мудҳиш ҳодисалар, террористик актлар ва уларнинг оқибатлари дунёда содир бўлаётган сиёсий-иқтисодий жараёнлар хусусида фикр билдирди.

Шунингдек, давлатимиз ва жамиятимизга қарши турли хил провокацион террористик руҳдаги бузғунчиликни келтириб чиқарувчи шахсларни аниқлаш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ишларни олиб бориш, аҳоли ўртасида айниқса маҳалла, аҳоли гавжум жойлар, кўча-кўйларда тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар билан мулоқотларда сергаклик ва огоҳликни ошириш хусусида тушунтириш берилиб, солиқ органлари ходимлари томонидан зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришда масъулиятни тўлиқ хис этган ҳолда иш ташкил этиш лозимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан мунтазам  ҳамкорликни йўлга қўйиб ишлаш мақсадга мувофиқлиги, бу борада ҳар бир ходим доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишлигини таъкидлади.

Тадбир якунида Наманган вилоят телерадиокомпанияси томонидан тайёрланган дин ниқоби остида салбий ҳолатлар содир этган шахсларнинг давлатимиз томонидан кечирилиб авф этилганлигини ўзида акс эттирган “Ўз болангни ўзини асра!” номли видолавҳа намойиш этилди.

 

Наманган вилоят Давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими.