wrapper

Мамлакатимиз Президенти шу йил 7-8 июль кунлари Наманган вилоятига қилган ташрифлари чоғида гулчилар ассоциацияси фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, уларга ер майдонлари ажратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида тегишли кўрсатмалар берган эдилар. Ўтган муддат гуллар шаҳри гулчилари учун чинакам тараққиёт даври бўлди ва бугун янада равнақ топяпти.

Гул байрами наманганликлар учун анъанага айланган ва ўтган йили уни 57-бор нишонладилар. Бу бежиз эмас. Зеро, вилоятнинг қай бир маҳалласига борманг, хонадонига кирманг, унинг соҳибу-соҳибалари чинакам гулчи бўлиб кетган ва шунданда шаҳар-қишлоқлар боғу-эрамга қиёс. Президентимизнинг ассоциация фаолияти билан танишувлари эса гулчилик кўламини тубдан кенгайтирди. Ташрифларидан сўнг қабул қилинган Республика Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган вилоятида гулчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам устувор йўналишлар белгилаб берилди ва ижроси босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

“Гул парваришлашни 14 ёшимда бошлаганман”- дейди Наманган шаҳрининг Янгиобод маҳалласида истиқомат қилувчи 72 ёшли Жўрахон ака Мўминов. Дарҳақиқат, профессионал гулчининг иссиқхонаси баҳор нафаси уфуриб турибди. Мехнат, интилиш ва изланиш орқали яратилган мўжизалар булар. Президентимизнинг ташрифлари эса мақсадлари рўёбига қаноат бўлмоқда.

Бугун Жўрахон аканинг кактуслари ва фиалка, орхидея, филодеруан, бегоня, кардомени, диффенбахия, цикломен, пепералия сингари минг турдаги яқин ноёб гуллари бор. Ассоциация фаолияти туфайли ҳориж билан йўлга қўйилган ҳамкорлик эса яна сархил гулларни маҳаллийлаштиришга имкон берди.

Наманган шаҳрида исми жисмига монанд “Гулчилар” деб номланган маҳалла ҳам бор. Бу ерда 7 ёшдан 70 ёшгача гулга шайдо, гулга ишқибоз. Улар орасида бобоси ва отаси изидан бориб, гулчиликни касбга айлантираётган ёшларнинг кўплиги айниқса қувонарли. Қолаверса, келгуси ўқув йилидан бошлаб Наманган муҳандислик-технология институтида “Манзарали боғдорчилик ва кўкламзорлаштириш” таълим йўналиши фаолият бошлайди. Унда гулчилик илмидан ҳам сабоқ берадилар. Зеро, ҳозирнинг ўзидаёқ вилоятдаги оилалар, хонадонлар баробарида махсус гул етиштиришга ихтисослашган 61 та иссиқхоналар мавжуд. Ота бола гулчилар Садриддин ва Сайфиддин Насриддиновлар ҳам тажрибали гулчилар анъаналарини давом этдириб келишмоқда.

Президентимиз ташрифларида гулчиларнинг хорижда малака оширишлари, ўрганадиган тажрибаларини оммалаштириш, айниқса, ландшафт дизайнига алоҳида эътибор қаратилган. Вилоятда бу борада ҳам тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Гулчи-агроном Саодат опа Усмонованинг фаолияти ҳам фикримизга айни исботидир.

Дарҳақиқат, гулчилар фаолияти ҳар томонлама кўллаб-қувватланишяпти. Шу кунларда эса яна кўплаб гулчиларга унумдор майдонлардан ер ўлчаб берилмоқда.

Яна бир жиҳат. 2018 йилда Наманган шаҳрининг марказий кўча ва хиёбонларига экилган ноёб турдаги мавсумий гул кўчатларини, шунингдек, биогомус маҳсулотларини сотиб олиш учун шаҳар маҳалий бюджетининг орттириб бажарилган даромадлари ҳисобидан ободонлаштириш бошқармасига 140 миллион сўм маблағ ҳам ўтказиб берилди. Ёки бир сўз билан айтадиган бўлсак, Наманган гуллар вилоятига айланиб бормоқда ва ушбу ҳаракатда Президентимиз кўрсатмалари бош дастуриламал бўляпти.