wrapper

Шу йилнинг 30 ноябрь куни Наманганда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги байрами олдидан хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадида «Буюклигинг унутма, аёл!» шиори остида Форум бўлиб ўтди.

Байрамона безатилган вилоят мусиқали драма театри эрта тонгданоқ вилоятнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган хотин-қизлар - ҳунармандлар, касаначилар, тадбиркорлар, спортчи қизлар, фаол аёллар ва жамоатчилик вакиллари билан гавжум бўлди. Улар карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.

 

Форумни вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова кириш сўзи билан очиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик илдизи оила, ундаги маънавий муҳит ва тарбияга бориб тақалиши, шунинг учун бу иллатларга қарши курашишда оила устуни бўлган аёллар зиммасида катта масъулият борлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бугунги ахборотлар хуружи кучайган, ташқи таҳдидлар кўлами кенгайган бир даврда ҳушёр яшаш, қонунларга итоат этиш, фарзанд тарбиясига жиддий ёндашиш зарурлигини эътироф этди ва форумни очиқ деб эълон қилди.

 

Иштирокчилар театр фойесида ҳунармандчилик, қўл меҳнати маҳсулотлари, тасвирий ва амалий санъат дурдоналари кўргазмаси, миллий либослар ва саломатлик бўйича тарғибот материаллари билан танишдилар. Миниатура жанрида суратлар солинган қовоқ идишлар, тўқилган рўзғор анжомлари, қандолатчилик, пазандачилик ҳамда томорқада етиштирилган мева-сабзавотлар кўргазмаси барчада катта таассурот қолдирди. Кўргазмалар нафақат гўзал таассуротларга, балки хотин-қизларда тўқувчилик, тикувчилик каби кўплаб ҳунарларга иштиёқни пайдо қилди, янги режалар туғилишига сабаб бўлди.

 

Форумнинг бадиий дастури Тўмарис, Увайсий, Нодирабегим каби момолар сиймоси билан бошланди. Кўнгилларга момолар шаҳду шижаоти, мардлиги, зукколиги, фидокорлиги кўчгандек бўлди.

 

Турли ёшдаги хотин-қизлар, жумладан, келинлар, талаба-қизлар учун мўлжалланган либослар намойишини барча диққат билан кузатди. Ҳам миллийлик, ҳам замонавийлик уйғунлаштирилган бу либослар бежиримлиги, қулайлиги билан барчага манзур бўлди. Айниқса, дизайнер Сайёра Отамирзаева яратган либослар кўпчилик эътиборини тортди.

 

Форумда пойтахтлик адабиёт ва санъат намояндалари - шоира Наргиза Асадова ҳамда актриса Муяссар Бердиқуловалар иштирок этиб, сўзга чиқдилар.

 

- Водий хотин-қизлари санъатга, адабиётга ихлосмандлиги билан бутун республикамизга танилган, - деди Наргиза Асадова. - Ҳунармандлигининг довруғи эса етти иқлимга ёйилган. Мазкур форумда мана шу машҳур иқтидорнинг денгиздан томчисини кўриб турибмиз. Ўзини меҳнатга, ҳунар ўрганишга, ҳалол ризқ топишга чоғлаган аёл оиласида соғлом маънавий муҳит яратади, чинакам бахтга эришади, фарзандларига ҳам яхши тарбия беради. Ушбу тадбир ана шундай эзгу мақсадга йўналтирилгани билан эътиборга моликдир.

 

Шунингдек, форумда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров қатнашди. У ўз сўзида шижоатли, илмли, меҳнаткаш аёллар оилаларимиз ва жамият таянчи эканини таъкидлаб, бундай тадбирлар шаҳар ва туманлар, ҳатто, чекка-чекка қишлоқларга ҳам кўчиши керак, чунки хотин-қизларни фаолликка, фойдали меҳнатга ундаш, муаммоларига биргаликда ечим излаш орқали жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мумкин, деди.

 

Куй-қўшиқлар, рақслар, бадиий гимнастика бўйича кўргазмали чиқишлар форум иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият бағишлади.

 

 

 

Тадбир сўнггида фаол иштирокчилар рағбатлантирилди. Жумладан, рассомлик қобилияти билан барчани ҳайратга солган НамДУ талабалари Нилуфар Зокирова, Муқаддас Темирова, чортоқлик Мухлиса Одилова, Наманган санъат коллежи ўқувчиси Зарина Толибжоноваларга вилоят хотин-қизлар қўмитасининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Миллий ҳунармандчилик кўргазмаси йўналиши бўйича Наманган шаҳри, Учқўрғон ва Чортоқ туманлари хотин-қизлари тақдирланган бўлса, Янгиқўрғон, Мингбулоқ ва Поп тумани вакиллари энг яхши пазандачилик маҳсулотлари кўргазмаси учун эътирофга сазовор бўлди. Чуст, Уйчи, Норин ва Косонсой туманларининг қўли гул чевар хотин-қизлари энг яхши миллий либослар яратувчилари сифатида ғолибликка мушарраф бўлдилар.

Сайёра Отамирзаева, Муштарийбегим Шодмонова, Маъмура Давронова, Гулчеҳра Ибрагимова каби фаол иштирокчиларга ҳам Фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шаҳло Тошбекова,

Vodiymedia.uz сайтидан олинди.