wrapper

 Шу кунларда республикамизнинг барча вилоятларида бўлгани каби Наманганда ҳам пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш қизғин паллага кирди.

Вилоятнинг қайси бир пахта даласига борманг, ёши улуғ отахону, онахонларимиз, маҳалла фаоллари, уюшмаган ёшлар вакилларини фермер хўжаликлари аъзоларига яқиндан кўмак бериш мақсадида улар билан елками-елка туриб пахта теришаётганига гувоҳ бўласиз. 

Дарвоқе, халқимизда “Хашар – элга ярашар”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Буни чуқур англаган вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари дам олиш кунлари миришкор деҳқонларга ёрдамлашиш мақсадида эрта тонгдан далага отланишди. 60 кишидан иборат жамоа Мингбулоқ туманидаги “Навоий қатъияти” фермер хўжалиги даласида бобо қуёш ботгунга қадар ғайрат-шижоат билан катта хирмон яратишди. Айниқса, бўлим бошлиғи Абдували Аҳмедов, ходимлардан Зебохон Нуриддинова, Татьяна Буданова, Елена Сукачёва, Аламхон Ҳожиев, Лазиз Мўминов, Нуриддин Наримоновлар илғорлар сафидан ўрин олиб бошқаларга ибрат бўлишди.   

- Пахта мавсуми ўзига хослиги билан ажралиб туради. Чаман-чаман очилган пахталарни кўриб ҳар кимнинг дили яйраса керак, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Орифжон НАБИЖОНОВ. – Бундай ҳашарнинг афзаллиги шундаки, далани ҳақиқий майдонга қиёслаш мумкин. Бу ерда ҳамма бир тану, бир жон бўлиб ҳаракат қилади. Энг муҳими, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган инсонийлик, қадр-қиммат каби тушунчалар улуғланади.

- Фермер хўжалигимизда 55 гектар майдон бўлиб, унинг 38 гектарига “Андижон-35” уруғи қадаганмиз. Даламизда ҳосил мўл. Дам олиш куни мингдан ортиқ ҳашарчилар ёрдамга келганидан беҳад мамнунмиз. Айниқса, вилоят давлат солиқ бошқармаси, Наманган шаҳар ва Мингбулоқ туман давлат солиқ инспекциялари ходимларидан иборат отряд аъзолари жонбозлик кўрсатишмоқда. Насиб этса, тез кунларда белгиланган режани бажарамиз, - дейди “Навоий қатъияти” фермер хўжалиги раҳбари Ойбек ДАДАЖОНОВ.  

Ҳа, пахта - миллий бойлигимиз. Уни тез кунда йиғиб-териб, юртимизнинг улкан хирмонига топширишда ўз ҳиссасини қўшиш ҳар биримизга насиб этсин!