wrapper

  • A.Navoiy teatri.jpg
  • IslomKarimovro'chasil.jpg
  • Kichkintoy bog'i.jpg
  • nbu.jpg
  • yo'l.jpg

  

                                 

News

Наманган шаҳар ҳокими Олимжон Исаевнинг шаҳар аҳолисига

МУРОЖААТИ

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

 

Бутун дунёга таҳлика солаётган коронавирус пандемияси, афсуски, Наманганимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Вилоятда ушбу касалликка чалиниш билан боғлиқ ҳолатларнинг барчаси Наманган шаҳрига тўғри келмоқда. Шу сабабли бугун Сизларга бевосита мурожаат этишга қарор қилдим.

Бу офатни енгишда бизларга кўмагингиз керак. Биз учун энг катта ёрдам эса эҳтиёт чораларини кўришингиз ва уйда қолишингиз бўлади. Фақат шу йўл билан инфекция тарқалишининг олдини олган бўламиз.

Юзага келган вазиятда бефарқ бўлишга, “менинг маҳаллам ёки кўчамдан бу касаллик чиқмади” деб хотиржамликка берилишга ҳаққимиз йўқ. Қанчалик аччиқ ҳақиқат бўлмасин, бугун инфекция юқтирган ҳамшаҳримиз ўрнида эртага Сиз ёки яқинингиз бўлиши мумкин.

Хабарингиз бор, ҳозирги қалтис ҳолатни инобатга олиб, шаҳримиздаги иккита деҳқон бозоридан ташқари барча бозорларни ёпдик. Бироқ уларда ҳам одамлар оқими тўхтамаяпти. Бунга барҳам бериш учун шаҳримиз маҳаллаларида кўчма ярмаркалар ташкил этилди. Улардан энг зарур озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозор нархларида сотилмоқда. Шундай экан, вақтингиз ва маблағингизни сарфлаб, кўчага чиқишингиз учун ҳеч қандай ҳожат йўқ.

Кўчаларимизда рухсатсиз автотранспорт воситаларини бошқараётган, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаётган ҳайдовчилар учраб турибди. Улар бундай ҳаракатлари билан нафақат ўзлари, балки ҳозир бошқа манзилларда сув ва ҳаводек зарур ходимларнинг ҳам вақтини ўғирламоқда.

Азиз ҳамюртлар!

Коронавирус аталаётган бало чекиниши учун барчамизнинг ҳамжиҳатликдаги ҳаракатларимиз талаб этилади. Шаҳримизнинг нуроний отахон ва онахонларидан ўзларини эҳтиёт қилишлари, фарзандлари ва набираларига заруратсиз кўчага чиқмасликларини таъкидлашларини илтимос қиламан.

Шаҳримиздаги корхона-ташкилот раҳбарларидан эса ходимларидан карантин қоидаларига риоя этишни қатъий талаб қилишларини сўрайман. Чунки инфекция юқтирган биргина ходим эртага ўнлаб ҳамкасбларини касалликка гирифтор қилиши мумкин.

Қадрли наманганликлар!

Шу юрт фарзанди сифатида Сизларни яна бир бор ҳушёрлик ва огоҳликка чорлайман. Яхши кунлар, байрам ва шодиёналарни биргаликда нишонлаш учун ҳам ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Ўзингиз ва яқинларингизни асранг, уйда қолинг!